ТОШКЕНТ, 16 сент - Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)нинг кенгайтирилган таркибдаги саммитида мамлакатларни ўз сиёсатларида “иқтисодий худбинлик” ва ноқонуний санкциялардан фойдаланишни тўхтатишга чақириб, дунёнинг етакчи иқтисодиётларининг тизимли хатоларига ишора қилди.
“Бизнинг ассоциациямиз блокдан ташқари хусусиятга эга, биз молия ва энергетика соҳасидаги қатор тизимли хатолар юзага келган дунёда кучайиб бораётган энергетика ва озиқ-овқат муаммоларини ҳал қилишда кўмаклашмоқдамиз”, - деди Путин.
Шунингдек, у Россия сиёсати ҳар қандай “худбинлик”дан холи эканлигини таъкидлади.
“Умид қиламизки, иқтисодий ҳамкорликнинг бошқа иштирокчилари ҳам ўз сиёсатларини худди шу тамойиллар асосида қуради ва протекционизм, ноқонуний санкциялар ҳамда иқтисодий худбинлик воситаларидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишни тўхтатади”, - деди Россия раҳбари.
Бундай сиёсатнинг ёрқин намунаси сифатида Путин Европа комиссиясининг Россия ўғитларига нисбатан санкцияларни бекор қилиш ҳақидаги қарорини айтди.
“Худбинликнинг ёрқин мисоли — Европа комиссиясининг Россия ўғитларига нисбатан санкцияларни бекор қилиш ҳақидаги қароридир. Биз, албатта, санкцияни бекор қилиш қарорини олқишлаймиз. Аммо бу санкциялар фақат Европа Иттифоқига аъзо давлатлар учун бекор қилинган экан. Дунёдаги энг қашшоқ ривожланаётган давлатлар-чи? ДиКарло хоним иштирок этаётганидан фойдаланиб, мен БМТ котибиятидан Еврокомиссия қарорига таъсир кўрсатишни сўрайман, сўзда эмас, амалда бу чекловларни олиб ташлашни талаб қиламан”, - дейди Путин.