ШҲТ-2022: Самарқанд саммити

Ўзбекистон ШҲТ мамлакатлари Махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш тарафдори - Мирзиёев

Ўзбекистон саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ўзаро савдони рағбатлантириш мақсадида ШҲТ мамлакатлари Махсус иқтисодий зоналари альянси тузилиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) мамлакатлари Махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш тарафдори. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида маълум қилди.
"Ўзбекистон саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ўзаро савдони рағбатлантириш мақсадида ШҲТ мамлакатлари Махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш тарафдори", - деди Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини ошириш ғоят муҳим эканини қайд этди. Ўзбекистон ШҲТ мамлакатлари иқтисодиётларининг бир-бирини ўзаро тўлдириб боришдаги афзалликларини ҳисобга олган ҳолда, мавжуд салоҳиятни максимал даражада оширишдан манфаатдор.
Шу муносабат билан мирзиёев ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқотини бошлаш асосида саноат ва технологик ҳамкорликнинг умумий маконини шакллантиришни таклиф этди.
Мамлакатларимиз ўртасида кенг кўламли иқтисодий ҳамкорликни таъминлаш ва амалий ҳамжиҳатликнинг аниқ натижаларига эришиш масадида Ўзбекистонда ШҲТ минтақаларининг бизнес шериклиги ҳафталигини ўтказиш таклифи илгари сурилди.
бундан ташқари, Мирзиёев ҳар йили ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказиш, унинг асосида ягона электрон платформа яратишни таклиф этди.