ШҲТ-2022: Самарқанд саммити

Ўзбекистон президенти халқаро ҳамжамиятни Покистонга гуманитар ёрдам кўрсатишга чақирди

Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) мамлакатлари номидан халқаро ҳамжамиятни Покистондаги сув тошқинларининг салбий оқибатларини бартараф этиш учун ушбу мамлакатга имкон борича гуманитар ёрдам кўрсатишга чақирди.
Самарқанддаги ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида нутқ сўзлаган Покистон бош вазири Шариф Шаҳбоз унинг мамлакати яқинда табиий офат – сув тошқинларидан жиддий зарар кўрганини таъкидлади.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, табиий офат оқибатида 1400 киши ҳалок бўлган, шулардан 400 нафари болалар. Миллионлаб уйлар тўлиқ ёки қисман вайрон бўлган. Сўнгги 40 йил ичида бундай кўламли офат Покистонда кузатилмаган.
Шариф ШҲТ мамлакатларига Покистонга кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.
ШҲТга раислик қилаётган Ўзбекистон президенти ШҲТ мамлакатлари номидан халқаро ҳамжамиятни Покистондаги табиий офатнинг салбий оқибатларини бартараф этиш учун ёрдам беришга чақиришни таклиф қилди. ШҲТ мамлакатларини етакчилари Шавкат Мирзиёев таклифини якдиллик билан қўллаб-қувватлашди.