ШҲТ-2022: Самарқанд саммити

Мирзиёев Тошкентда Минтақалараро ўзаро боғлиқлик марказини ташкил этишни таклиф қилди

Транспорт ва коммуникациялар соҳасидаги барча истиқболли лойиҳаларни келгуси йили Ўзбекистонда ШҲТ Биринчи транспорт форуми доирасида муҳокама қилиш кутилмоқда - тафсилотлар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Самарқандда бўлиб ўтаётган Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида Минтақалараро ўзаро боғлиқлик марказини ташкил этишни таклиф қилди.
Президент бугун қабул қилинаётган ШҲТнинг Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш концепциясини амалиётга татбиқ этиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қўллаб-қувватлаши остида марказ ташкил этишни таклиф қилди.
Шунингдек, саммит доирасида Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши тўғрисида уч томонлама Битимнинг имзоланишини тарихий воқеа дея баҳолаб, Шавкат Мирзиёев стратегик жиҳатдан яна бир муҳим лойиҳа – Термиз–Мозори Шариф-Кобул–Пешовар темир йўли коридори қурилишини ҳам қўллаб–қувватлашга чақирди.
Транспорт ва коммуникациялар соҳасидаги барча истиқболли лойиҳаларни келгуси йили Ўзбекистонда ШҲТ Биринчи транспорт форуми доирасида муҳокама қилиш мумкинлиги таъкидланди.