ШҲТ-2022: Самарқанд саммити

Беларусга ШҲТнинг тўлақонли аъзоси мақомини бериш тартиби бошланди - Мирзиёев

Ўзбекистон раҳбари ШҲТ таркиби кенгайиб, шериклик муносабатлар ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Беларусга Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) тўлақонли аъзоси мақомини бериш тартиби бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
“Биз Беларусь Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси мақомини бериш тартибини бошлаш тўғрисида қарор қабул қиляпмиз” – деди Мирзиёев Самарқанддаги ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида.
Президент ШҲТ таркиби кенгайиб, шериклик муносабатлар ривожланиб бораётганини таъкидлади. Мирзиёев Эроннинг ШҲТга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандум имзолангани ва Миср ва Қатарга мулоқот бўйича шериклар мақоми берилганини эслатди.
Мирзёевнинг сўзларига кўра, Баҳрайн Подшоҳлиги, Кувайт, Мальдив, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянмага – мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш жараёнлари ҳам бошланган.
“ШҲТнинг географик қамрови кенгаяётгани ўз мисолида самарадорлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва амалий саъй-ҳаракатларни намойиш этаётган Ташкилотимиз фаолиятининг долзарблигини яна бир тасдиқламоқда”, - деди Ўзбекистон раҳбари.