Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой темир йўл лойиҳасига оид битим имзолади

Қирғизистон ҳудудидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича барча ишлар 2023 йил биринчи ярим йиллигида якунланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 сен - Sputnik. Кеча Самарқандда Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳаси (Қирғизистон ҳудудида) бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, уч томонлама битим ШҲТ Самарқанд саммити доирасида 14 сентябрь куни Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги, Хитой Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси ўртасида имзоланган.
Мазкур ҳужжат билан Қирғизистон ҳудудидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича барча ишларни 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида якунлаш белгиланган. Шунингдек, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқишда томонларнинг иштироки, молиялаштириш ва харажатларни тақсимлашига аниқлик киритилган.
Лойиҳа Хитойдан Ўзбекистон орқали Европага ва Жанубий йўлар билан Форс кўрфази давлатларига ташувларни ҳамда савдо географиясини кенгайтириш учун асос бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Маълумот учун, темир йўл қурилиши бутун Марказий Осиё минтақасининг транспорт ва транзит салоҳиятини оширади. Магистрал Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистонни Каспий денгизи портлари ва ундан кейин Европа билан, келажакда эса Трансафғон темир йўли орқали Покистон портлари билан боғлаши мумкин.