ШҲТ-2022: Самарқанд саммити

Лукашенко Самарқандга келди

Беларусь президенти 16 сентябрь куни ШҲТ мамлакатлари етакчилари саммитида иштрок этади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 сен - Sputnik. Бугун Беларусь президенти Александр Лукашенко Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар берди.
Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Беларусь президенти 16 сентябрь куни ШҲТ мамлакатлари етакчилари саммитида иштрок этади ва мамлакатнинг ШҲТ форматидаги устувор ҳамкорлик йўналишлари ҳақида нутқ сўзлайди. Саммит доирасида Россия президенти Владимир Путин билан музокара ўтказади.
Маълумот учун, июль ойида Беларусь ШҲТга аъзо бўлиш учун ариза берган, унинг ташкилотга аъзо бўлиш жараёни 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган саммитда бошланиши кутилмоқда.
ШҲТ саммити

Эслатиб ўтамиз, бугун Самарқандда ШҲТ давлат раҳбарлари саммити бошланди. Унда 15 га яқин давлат раҳбари ва 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар етакичлари иштирок этиши кутилмоқда.

Ушбу саммит Ўзбекистоннинг ШҲТга раислик даврининг якуни бўлади. Ўтган йил мобайнида ШҲТ доирасида Ўзбекистон томонидан 80 тадан ортиқ тадбирлар ташкил қилинди, уларнинг мантиқий натижаси сифатида Самарқанд саммитида 30 тага яқин давлатлараро ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.

Ушбу ҳужжатлар ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва уни янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган.

Улар орасида минтақавий савдо, саноат кооперацияси ва транспорт алоқаларини рағбатлантириш концепцияси ва дастурлари бор. Шунингдек, яшил иқтисодиёт, инновациялар, рақамли технологиялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва бошқа йўналишларда ҳам қўшма лойиҳа ва тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.