ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорликда суратга олинаётган “Жомий ва Навоий: Юлдуз шулъаси” кинолойиҳаси бўйича меморандум имзолади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Меморандумни Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда “Тожикфильм” киностудияси директори Махмадсаид Шоҳиён расмий равишда имзолашди.
Директор Агентства кинематографии Узбекистана Фирдавс Абдухаликов и директор государственного учреждения "Точикфильм" Махмадсаид Шохиён
© Sputnik
Имзолаш “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида Кинематография агентлигининг халқаро қўшма лойиҳаларнинг тақдимотига бағишланган маросимда бўлиб ўтди.
Мазкур кинолойиҳада таниқли француз кинорежиссёри Люк Бессон бадиий раҳбарлик қилади.
“Жомий ва Навоий” тарихий бадиий фильмда тарихий, илмий ва адабий манбалардан мавзуга доир маълумотларни тўплаш ва саралаш, икки буюк мутафаккир муносабатлари тимсолида ўзбек ва тожик халқларини асрлар давомида бир-бирига чамбарчас боғлаб келган дўстлик ва қардошлик ришталарига алоҳида эътибор қаратилади.
Фильмда маҳоратли ўзбек ва тожик актёрлари ўзига хос ролларни ижро этишади.
Фильм сценарий муаллифлари Ўзбекистондан Рустам Жабборов, Тожикистондан Сафар Ҳақдодов, режиссёрлар Тожикистондан Файзулло Файз, Ўзбекистондан Фурқат Усмонов, продюсерлар Фирдавс Абдухолиқов, Маҳмадсаид Шоҳиён.