ШҲТ-2022: Самарқанд саммити

Ҳиндистон бош вазири Самарқандга келди

Нарендра Модини Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазири кутиб олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Самарқандга келди.
Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Самарқанд шаҳрида 16 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси тадбирлари бўлиб ўтади. Бўлажак мажлис ШҲТ етакчиларининг 2020 йилда коронавирус пандемияси бошланганидан сўнг ўтган охирги уч йилда биринчи юзма-юз учрашуви бўлади.
Саммит ишида ШҲТга аъзо мамлакатлар – Покистон, Россия, Тожикистон, Хитой, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон, шунингдек, ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлатлар – Беларусь, Мўғулистон ва Эрон етакчилари иштирок этади.
Фахрий меҳмон сифатида Туркия, Озарбайжон, Туркманистон ва Арманистон , шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилган.
Самарқанд саммитининг кун тартибига мувофиқ кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари, ШҲТни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари ва устувор вазифалари кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади.