ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштириш қоидалари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур қоидаларга кўра, фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштириш аккредитация қилинган сертификатлаштириш органлари томонидан амалга оширилади.
Фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштириш учун аризачи электрон шаклдаги ариза ҳамда унга илова қилинадиган ҳужжатлар “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали сертификатлаштириш органларига юборади.
Сертификатлаштириш органлари 2 кунда аризани кўриб чиқиб сертификатлаштиришни ўтказиш тўғрисида қарор қилади ёки аризачига рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган хулоса беради.
Сертификатлаштириш қуйидаги ҳолларда рад этилади:
аризада маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаганда ва (ёки) аризага илова қилинган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда;
сертификатлаштириш учун тақдим этилган фармацевтика маҳсулоти давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги аниқланганда;
сертификатлаштириш учун тақдим этилган фармацевтика маҳсулоти қалбакилаштирилганлиги аниқланганда.
Сертификатлаштиришни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилингандан бошлаб 2 кунда сертификатлаштиришни ўтказиш учун фармацевтика маҳсулотлари сақланаётган жойга чиққан ҳолда намуналарни идентификация қилиш ва танлаб олиш ишлари амалга оширилади.
Фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштириш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар сертификатлаштириш органининг фармацевтика маҳсулотини сертификатлаштиришда иштирок этмаган холис ходимига тақдим этилади.
Холис ходим (техник қўмита) сертификатлаштириш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатларни 1 кун ичида кўриб чиқади ҳамда мувофиқлик сертификатини бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.