ШҲТ-2022: Самарқанд саммити

Эрон президенти ШҲТ билан турли соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди

Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Эрон президенти Иброҳим Раисий Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) бош котиби Чжан Мин билан учрашди. Бу ҳақда Эрон президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Эрон президенти Иброҳим Раисий ШҲТ бош котиби Чжан Мин билан учрашувда Теҳрон ташкилот ва унинг аъзолари билан турли соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди”, - дейилади хабарда.
Раисий Эроннинг сиёсий, иқтисодий, технология ва транспорт соҳаларидаги салоҳиятларини қайд этди.
Ўз навбатида Чжан Мин Эрон минтақа ва дунёдаги хавфсизликни таъминлашда жиддий роль ўйнай оладиган катта ва нуфузли мамлакат эканини қайд этди.
Аввалроқ Теҳрон мамлакатга ШҲТга тўлақонли аъзоликка йўл очувчи ташкилот доирасидаги мажбуриятлар тўғрисидаги меморандумни имзолаган эди. 2021 йил Душанбеда бўлиб ўтган саммитда Эронни ташкилотга қабул қилиш жараёни бошланган эди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Эрон президенти Иброҳим Раисий расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган. Самарқандда олий даражадаги Ўзбекистон ва Эрон музокаралари бўлиб ўтди. Музокаралар якунида ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб олган 18 та ҳужжат имзоланди.
Раисий 15-16 сентябрь кунлари ШҲТнинг Самарқанд саммити тадбирларида ҳам қатнашади.
ШҲТ - 2001 йилда ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Унга Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Покистон ва Ўзбекистон аъзо.
Кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон, ҳамкор давлатлар – Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка.