ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. “Uzbekistan GTL” заводида синтетик авиакеросин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати хабар берди.
“Нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тарихида илк бор “Uzbekistan GTL” заводида халқаро стандарт (ASTM D-7566) ва техник талабларига мос бўлган синтетик авиакеросин маҳсулоти ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди”, - дейилади хабарда.
Синтетик керосиннинг 23 та асосий физик-кимёвий ва техник параметрлари тўлиқ талаб даражасига етказилган. Асосий параметрлардан бири бўлган музлаш ҳарорати халқаро стандарт талаб даражасига (-47°С) етказиш ишлари якунланган.
Халқаро авиасоҳани тартибга солувчи ташкилот (IAТA) ва ASTM International ундан авиация ёқилғиси учун хом ашё сифатида фойдаланишга рухсат этган.
IATA тавсиясига кўра синтетик керосинининг биринчи партияси намунаси мувофиқлик сертификатини олиш учун SGS компаниясининг Эстония, Бельгия ва Франциядаги лабораторияларига таҳлил ва тегишли хулоса олиш учун юборилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб бориш натижасида маҳсулот таннархининг арзонлашишига эришиш бўйича вазифаларни белгилаб берди.
14 сентябрь бошлаб Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси орқали сотувга жойлаштириладиган синтетик дизель ёқилғисининг бир тоннаси бошланғич нархи 13 млн. 897 минг 109 сўмгача арзонлаштирилади.
Сўнгги икки ой ичида иккинчи маротаба нарх арзонлаштирилиб, жорий йилнинг 29 август куни синтетик дизелнинг бошланғич нархи 15 млн. 550 минг 500 сўмдан 14 млн. 504 минг 378 сўмгача камайтирилган эди.
15 июнь куни “Uzbekistan GTL” заводида Ўзбекистон тарихида биринчи синтетик нефти, 29 июнь куни илк бор синтетик дизель, кейинчалик “GTL” синтетик нафтаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди.