ШҲТ-2022: Самарқанд саммити

Қирғизистон президенти Ўзбекистонга келди

Садир Жапаровни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Бугун Қирғизистон президенти Садир Жапаров 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди.
Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Қирғизистон делегацияси таркибида мамлакат ташқи ишлар вазири Жеенбек Қулубаев, Президент Администрацияси ташқи сиёсат бўлими мудири Муратбек Азймбақиев, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Муса Жаманбоев, транспорт вазири Эркинбек Осоев ҳамда иқтисодиёт вазири Дониёр Амангелдиевлар бор.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанда Шавкат Мирзиёев Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух билан учрашув ўтказди ва БМТ бош котиби ўринбосари Розмари Ди Карлони қабул қилди. Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисийни расмий кутиб олди ва айни вақтда икки давлат раҳбарларининг музокаралари бўлиб ўтмоқда.