ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида отишма юз берди. Бу ҳақда бугун РИА Новости Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати матбуот марказига таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа Боткен вилоятининг Боткен тумани Булоқбоши чегара постида содир бўлган. Воқеага тожик чегарачилари чегаранинг аниқланмаган ҳудудида жанговар позицияни эгаллаб олгани сабаб бўлган.
“Тожик чегарачилари қирғиз томонининг ҳудудни тарк этиш ҳақидаги қонуний талабларига эътибор бермай, ўт очишди. Бунга жавобан Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати чегарачилари ҳам қурол ишлатди. Ўртадаги отишма шундан бошланган. Тожик томони миномётлардан ҳам фойдаланган”, - дейилади қирғиз томони берган хабарда.
Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистон томонида қурбонлар ва ярадорлар йўқ. Боткен чегара отряди бошлиғи воқеа жойига жўнаб кетган. Чегара хизматининг Боткен вилояти бошқармаси бошлиғи Тожикистон чегара хизматининг Сўғд вилояти бошқармаси бошлиғи билан телефон орқали суҳбатлашган.
“Томонлар учрашув ўтказишни режалаштирмоқда. Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати вазиятни барқарорлаштириш учун барча чораларни кўряпти”, - дея қўшимча қилинган. Айни вақтда Боткен вилояти ҳукуматига кўра, отишма тўхтаган.
Тожикистон томони ҳали расман изоҳ бергани йўқ. Исфара вилояти ҳокимлигидаги манбанинг “Sputnik Тожикистон”га хабар беришича, отишма Ворух ҳудудида, маҳаллий вақт билан тахминан 7:15 да бошланган. Бир қанча аскар жароҳатланган. Манбанинг сўзларига кўра, отишмани қирғиз томони бошлаган, бунга жавобан Тожикистон чегара хизмати хам ўт очган.
Маълумот ўрнида, Қирғизистон ва Тожикистон чегараси вақти-вақти билан маҳаллий аҳоли ва икки давлат чегарачилари ўртасидаги тўқнашувлар ҳудудига айланиб бормоқда. Бунга сабаб делимитация қилинмаган ерлар бўлиб, у ерларда давлатлар ўртасидаги чегара қаердан ўтишини аниқлаб бўлмайди.