ШҲТ-2022: Самарқанд саммити

Мўғулистон президенти Самарқандга етиб келди

Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Мўғулистон президенти Ухнагийн Хурэлсух Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлисида қатнашиш учун Самарқандга етиб келди.
Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Мўғулистон ШҲТ ҳузурида кузатувчи мақомига эга. Саммитда ШҲТ фаолиятини такомиллаштириш, ташкилотга аъзо давлатлар ҳамкорлиги ҳамда минтақавий хавфсизлик ва бошқа мавзулардаги масалалар муҳокама қилинади.
ШҲТ саммити

Эслатиб ўтамиз пайшанба куни Самарқандда ШҲТ давлат раҳбарлари саммити бошланади. Унда 15 га яқин давлат раҳбари ва 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар етакичлари иштирок этиши кутилмоқда.

Ушбу саммит Ўзбекистоннинг ШҲТга раислик даврининг якуни бўлади. Ўтган йил мобайнида ШҲТ доирасида Ўзбекистон томонидан 80 тадан ортиқ тадбирлар ташкил қилинди, уларнинг мантиқий натижаси сифатида Самарқанд саммитида 30 тага яқин давлатлараро ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.

Ушбу ҳужжатлар ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва уни янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган.

Улар орасида минтақавий савдо, саноат кооперацияси ва транспорт алоқаларини рағбатлантириш концепцияси ва дастурлари бор. Шунингдек, яшил иқтисодиёт, инновациялар, рақамли технологиялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва бошқа йўналишларда ҳам қўшма лойиҳа ва тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.