ШҲТ-2022: Самарқанд саммити

Миср ва Қатарга ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори мақоми берилди

Ҳамкор давлат мақоми ташкилотга аъзо давлатларнинг таклифига биноан ШҲТ доирасида ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш ҳуқуқини беради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 сен - Sputnik. Миср ва Қатар ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкорига айланди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.
Бугун 14 сентябрь куни Тошкентда Миср Араб Республикаси ва Қатар Давлатига ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори мақоми бериш тўғрисидаги Меморандумларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ҳужжатларни ШҲТ Бош котиби Чжан Минг, Миср Араб Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ҳамди Санад Лоза ва Қатар Давлат Ташқи ишлар давлат вазири Султон бин Саад ал-Мурайхий имзоладилар.
Ўзбекистон томонидан тадбирда Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов иштирок этди.
Меморандумлар ШҲТ ва юқоридаги давлатлар ўртасида минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик, савдо ва инвестиция, энергетика, АКТ, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва коммуникациялар, маданият, фан ва технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни назарда тутади.
Ҳамкор давлат мақоми ташкилотга аъзо давлатларнинг таклифига биноан ШҲТ доирасида ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш ҳуқуқини беради.
Меморандумлар имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
ШҲТ саммити

Эслатиб ўтамиз, пайшанба куни Самарқандда ШҲТ давлат раҳбарлари саммити бошланади. Унда 15 га яқин давлат раҳбари ва 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар етакчилари иштирок этиши кутилмоқда.

Ушбу саммит Ўзбекистоннинг ШҲТга раислик даврининг якуни бўлади. Ўтган йил мобайнида ШҲТ доирасида Ўзбекистон томонидан 80 дан ортиқ тадбирлар ташкил қилинди, уларнинг мантиқий натижаси сифатида Самарқанд саммитида 30 тага яқин давлатлараро ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.

Ушбу ҳужжатлар ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва уни янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган.

Улар орасида минтақавий савдо, саноат кооперацияси ва транспорт алоқаларини рағбатлантириш концепцияси ва дастурлари бор. Шунингдек, яшил иқтисодиёт, инновациялар, рақамли технологиялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва бошқа йўналишларда ҳам қўшма лойиҳа ва тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.