Ҳиндистон Россияга маҳсулот етказиб беришни кенгайтириш имкониятларини ўрганмоқда

Россиянинг Ҳиндистондаги элчиси: Икки томон ҳам ўсиб бораётган рақобат ва ўз миллий манфаатларини барқарор ҳимоя қилиш шароитида буни қилиш кераклигини тушунади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Ҳиндистон Россияга дори-дармон, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, электроника ва автокомпонентлар етказиб беришни кенгайтириш имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда Россиянинг Ҳиндистондаги элчиси Денис Aлипов РИA Новости агентлигига маълум қилди.
“Фармацевтика соҳасида сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, углеводород конлари, олмос мажмуасини ўзлаштириш истиқболлари ишлаб чиқилмоқда. Россия бозорига дори воситалари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, электроника, автокомпонентлар, Ҳиндистон бозорига эса юқори технологияли маҳсулотлар, олтин ва қимматбаҳо металлар етказиб беришни кенгайтириш имкониятлари ўрганилмоқда”, деди элчи.
Унинг қўшимча қилишича, тоғ-кон саноати, фуқаро авиацияси ва кемасозлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳам жозибадор кўринади.
“Ҳозир биз нафақат анъанавий саноатда, балки истиқболли йўналишларда - рақамлаштириш, финтех, сунъий интеллект, водород энергияси, шаҳар қурилишида илғор ечимлар бўйича ностандарт ёндашувлар ва инновацион таклифларга муҳтожмиз”, деди дипломат.
“Бугунги кунда ўзаро товар айирбошлашнинг асосий қисмини углеводородлар ва ўғитлар етказиб бериш ташкил этади, чунки ҳозирда булар энг кўп талаб қилинадиган соҳалардир. Бироқ, биз бошқа соҳаларда ҳам ноёб имкониятларга дуч келмоқдамиз, бу эса умуман иқтисодий ҳамкорликни диверсификация қилиш имконини беради”, деди элчи.
Унинг таъкидлашича, Москва ҳам, Нью-Деҳли ҳам “бу вазифаларни тўлиқ амалга оширишдан манфаатдор”.
“Шу билан бирга, ҳар икки томон ҳам ўсиб бораётган рақобат ва ўз миллий манфаатларини барқарор ҳимоя қилиш шароитида буни қилиш кераклигини тушунади”, дея қўшимча қилди Aлипов.
Aввалроқ Aлипов 2022 йилнинг биринчи олти ойида Россия ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 11 миллиард доллардан ортиқни ташкил этгани, 2025 йилга бориб эса бу кўрсаткич 30 миллиард долларга етиши башорат қилинаётганини маълум қилганди.