Тошкент халқаро аэропортида расмий такси хизмати ишга тушди - тафсилотлар

Эндиликда терминал олдига кириш фақат "Taxi Airport Tashkent" хизмати учун мумкин бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. Тошкент халқаро аэропортида расмий такси хизмати ишга тушди. Бу ҳақида Uzbekistan Airports хабар берди.
Айтилишича, 12 сентябрь куни Тошкент аэропорти ҳудудида ауцион орқали ғолиб деб топилган такси хизмати иш бошлади.
Автомобилларга “Taxi Airport Tashkent” стикерлари туширилган ҳамда катта ва кенг юкхонага эга. Улар йўловчиларни учиб келиш зали чиқишида кутиб туради.
Taxi Airport Tashkent
“Йўловчилар учиб келиш залида ўрнатилган пештахта олдига келиб, манзилини айтади. Менежер тариф бўйича километрни ҳисоблаб чиқади ва тўлаш учун суммани айтади. Агар нарх йўловчига тўғри келса, у тўловни (нақд ёки банк картаси орқали) амалга оширади”, дейилади хабарда.
Менежер йўловчига манзили ва тўланган суммаси кўрсатилган квитанцияни тақдим этади. Шунингдек, йўловчи тўғридан-тўғри пештахтани четлаб ўтган ҳолда биринчи турган машинага ўтириб, такси хизматларидан фойдаланиши ҳам мумкин.
Эндиликда терминал олдига кириш фақат "Taxi Airport Tashkent" хизмати учун мумкин бўлади. Бошқа барча таксилар, шу жумладан агрегаторлар (Yandex, MyTaxi ва бошқалар) орқали ишлайдиган таксилар автотураргоҳлар олдидан йўловчиларни олиб кетишлари ҳам мумкин.
Йўловчи ўз ҳайдовчисини тезда топиши учун узоқдан кўринадиган катта белги ўрнатилади, бу такси ва йўловчининг учрашадиган жойи эканлигини кўрсатади.
Аэропортда хизмат корсатиш учун компания “Комфорт”, “Бизнес”, “Люкс” ва “Премиум” тарифларини жорий қилди.
Мижозларни биринчи қаторда “Комфорт” тарифидаги автомобиллар кутади. Бошқа тарифлардаги автомобиллар иккинчи қаторда туради ёки йўловчининг илтимосига биноан хизмат кўрсатилади.