Сенат “Ташқи меҳнат миграцияси” тўғрисидаги қонунни рад этди

Сенаторлар “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонунни унинг айрим моддалари нормаларида ноаниқликлар сабаб рад этишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. Олий Мажлис Сенатининг ўттиз иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилишди. Бу ҳақда парламентнинг юқори палатаси хабар қилди.
Таъкидланишича, ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни кўзда тутадиган мазкур қонунни сенаторлар соҳа экспертлари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида таҳлил қилишган ва унинг айрим моддаларининг нормаларида ноаниқликлар аниқланган.
Хусусан, қонуннинг 26-моддаси иккинчи қисмида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган ҳолда Ўзбекистондан чиқиб кетаётган фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олган шахсларга тенглаштирилиши ва уларга нисбатан ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқ солиш ва пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқариш тартиби қўлланилиши қайд этилган.
Бу модданинг тўртинчи қисмида эса, уюшган ҳолда ишга жойлаштириш доирасида чиқиб кетаётган фуқароларга ушбу моддада назарда тутилган ижтимоий кафолатлар, башарти улар “Labor-migration” ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилган бўлса, берилиши шарти белгиланмоқда.
Ваҳоланки, Солиқ кодексининг 408-моддасига мувофиқ меҳнат стажи ҳисобланиши учун ўзини ўзи банд қилган шахслар, меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларининг йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида ихтиёрий тартибда солиқ тўлаши қайд этилган.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам солиқларни тўлаш, пенсия миқдорини ҳамда меҳнат стажи ҳисоблашда қўшимча шартлар сифатида вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларида рўйхатдан ўтиш назарда тутилмаган. Бу меҳнат миграцияси йўли билан Ўзбекистондан чиқиб кетаётган фуқаролар учун назарда тутилган ижтимоий кафолатларни ахборот тизимида рўйхатдан ўтганидан сўнг бериш шарти Солиқ кодексининг 408-моддасига ва президентнинг 2020 йил 15 сентябрдаги қарорининг 12-бандига зид эканини англатади.
Бундан ташқари, қонуннинг 5-моддасида мажбурий меҳнатнинг белгилари ва кўринишлари тўлиқ очиб берилмаган. Хусусан, иш бажаришга мажбурлаш деганда бирон-бир жазо қўллаш таҳдиди билангина чекланиб қолиши, зўравонлик тўғридан-тўғри қўлланиш ҳолатлари мавҳумлигича қолган.
Муҳокама жараёнида сенаторлар қонуннинг бошқа бирорта моддасида фуқароларни касбга ва чет тилларига ўқитиш ҳамда уларга халқаро миқёсда тан олинадиган сертификатлар бериш тартиби тўғрисида нормалар акс эттирилмагани қайд этишди.
Қонунда 30 га яқин ҳавола қилувчи нормалар мавжудлиги, унинг тўғридан-тўғри амал қилишига салбий таъсир кўрсатиши, муайян органларнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилишига замин яратиши таъкидланди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонунни рад қилиш тўғрисидаги Сенат қарори қабул қилинди.