АҚШ Россиянинг энг йирик савдо ҳамкорлари ўнлигидан чиқиб кетди – ФБХ

Россия ва АҚШ ўртасидаги савдо айланмаси қарийб 65 фоизга камайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. Aмерика Қўшма Штатлари Россиянинг энг йирик савдо ҳамкорлари ўнлигидан чиқиб кетди, мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси қарийб 65 фоизга камайди. Бу ҳақда Федерал божхона хизмати (ФБХ) раҳбари ўринбосари Владимир Ивин РИA Новости агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“AҚШ билан савдомиз жуда яхши бўлган, у доимо биринчи ўнта ҳамкорлар қаторида бўлган, ҳозир эса йўқ. Яъни, бизда AҚШ билан савдо ҳажми 65 фоизга пасайган”, деди Ивин.
Шу билан бирга, у Ҳиндистон кучли ўнликка кирганини таъкидлади.
“Улар ёқилғи-энергетика, кимё саноати маҳсулотларини фаол сотиб олмоқда. Уларнинг ўзи бизга фармацевтика гуруҳи, озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кўпайтирди”, дея қўшимча қилди у.
Федерал божхона хизмати раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, Россиянинг энг йирик ўнта савдо ҳамкори ҳозирда шундай кўринишга эга: Хитой биринчи ўринда, Нидерландия иккинчи ўринда, Туркия учинчи ўринда, ундан кейинги ўринларда эса Германия, Беларусь, Жанубий Корея, Италия, Франция, Қозоғистон, Ҳиндистон.