ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. Гулнора Каримова ва у бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидан ундирилиши лозим бўлган жами активлари тақрибан 686 миллион долларга тенг. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева маълум қилди.
Қайд этилишича, Каримова ва у бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг активларини мусодара қилиш бўйича ишлар Швейцария судларида кўриб чиқилиб, тақрибан 336 миллион доллар узил-кесил мусодара қилинган. Шундан 131 млн доллари Ўзбекистонга қайтиши хал бўлган, 205 млн доллари бўйича эса якуний қарор қабул қилинмоқда.
Ҳозирги кунда, қўшимча тақрибан 350 миллион доллар миқдоридаги маблағларни мусодара қилиш масаласи Швейцария судларида кўриб чиқилмоқда.
Маълумот учун, 16 август куни Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасида “Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим имзоланди.
Ушбу битимнинг тузилишига 2 йил давомида Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва ваколатли идоралари ҳамда Швейцариянинг Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлари билан БМТ иштирокидаги самарали ҳамкорлик, шунингдек, пухта амалга оширилган ишлар ва бир неча давралардан иборат музокаралар бўлиб ўтди.
Мазкур битим ноқонуний орттирилган тақрибан 131 млн долларига тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришни, қайтаришнинг асосий принциплари, механизм ва мақсадларини белгилайди. Хусусан, маблағларни қайтариш Бирлашган миллатлар Ташкилотининг “Uzbekistan Vision 2030 Фонди” деб номланган кўп шериклик траст жамғармаси орқали амалга оширилади.
Жамғарма тегишли функция ва ваколатларга эга бўлган ўзиги хос маъмурий-ташкилий тузилмага эга. Уларни бирма-бир кўриб чиқамиз.
Юқори даражадаги стратегик қўмита. Юқори даражадаги стратегик қўмита реституция тўғрисида сиёсий мулоқотни амалга оширади, жамғарманинг тузилмаси ва стратегик йўналишларини белгилайди ва улар устидан назоратни амалга оширади. Юқори даражадаги стратегик қўмитанинг таркибини Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерациясидан бир нафардан вакил ташкил этади ва у ерда қарорлар тўлиқ консенсус асосида қабул қилади
Бошқарув қўмитаси. Бошқарув қўмитаси жамғарманинг бошқариш масалалари учун масъул орган ҳисобланади. Қўмита жамғарманинг операцион фаолияти, шу жумладан лойиҳаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича тўлиқ консенсус асосида қарорлар қабул қилади. Унинг таркибига Ўзбекистон, Швейцария ва БМТдан бир нафардан вакил киради.
Котибият. Котибият БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий координаторининг офисида жойлашган бўлиб, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий координатори томонидан назорат қилинади. Котибият Бошқарув қўмитаси ва Юқори даражадаги Стратегик қўмитани уларнинг барча вазифаларининг амалга оширилишини таъминлайди ва жамғармани жорий бошқаришга масъулдир.
Маъмурий агент. Маъмурий агент БМТ Тараққиёт Дастурининг Нью-Йоркдаги Кўп шериклик траст жамғармаси офисидир. У жамғарманинг ўтказилган маблағларини бошқаради.Бошқарув қўмита томонидан маъқулланган лойиҳалар БМТнинг иштирокчи ташкилотлари ҳамда БМТнинг ихтисослашган агентликлари томонидан амалга оширилади.
Фуқаролик жамияти маслаҳат кенгаши. Фуқаролик жамияти маслаҳат кенгаши миллий ва халқаро фуқаролик жамияти ташкилотлари, илмий доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат бўлади. Кенгаш жамғарма ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни таъминлайди ҳамда консультатив ролга эга.
“Умуман олганда, қайд этилган жамғарма маблағларни сарфлашда коррупцион хавф-хатарларни олдини олишга, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини таъминлашга хизмат қилади. Қайтарилаётган маблағлар пировардида ижтимоий соҳага йўналтирилиши, асосан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ривожлантиришга ишлатилиши режалаштирилмоқда”, - дейилади хабарда.