Бугунги кунда Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманидаги Tashkent index мажмуасида яшаш учун зарур инфратузилма шаклланган, бу ерда ёшлар вақтинча бошпана билан таъминланиб, хавфсиз бўлишлари, овқатланиш ва транспорт қатновида ҳам муаммо туғилмаслиги инобатга олинади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳамда ОТМ ректорлари билан биргалик талабалардаги турар жой муаммоларини бартараф этиш бўйича Tashkent index мажмуаси ҳудуди кўриб чиқилди ва ётоқхоналар ишга туша бошлади.
Аввалроқ пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев талабаларни Tashkent Index ҳудудидаги 10 минг ўринли бинога жойлаштириш таклифини билдирган эди.
Тashkent index'да ташкил этилган Талабалар ётоқхонаси атрофида қатор ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари мавжуд бўлиб, ёшларнинг истагига кўра, улар ўқишдан бўш вақтларида иш билан банд бўлишлари таъминланади.
Ётоқхоналарнинг ҳар бир хонаси 40 квадрат метрдан кичик эмас ва замонавий мебеллар билан жиҳозланган. Шунингдек, умумий овқатланиш хонаси, ювиниш ва санитар хоналари ҳам бўлади.
Биринчи ўринда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногирон талабалар учун хоналар ажратилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тashkent index мажмуасида яшаётган талабалар учун Сергели йўналиши метросигача бепул автобусларни ҳам йўлга қўйишни режалаштирган.
Талабаларнинг кундалик ва маиший эҳтиёжлари учун масъуллар гуруҳи жалб этилган ва улар кўмакка муҳтож талабалар билан алоҳида шуғулланмоқда. Шунингдек, тадбиркорлар ва бошқа кўнгиллиларда талабаларнинг турар жойлари масаласи бўйича аниқ таклифлар, лойиҳалар ва ёрдам учун ташаббуслар бўлса ҳокимият инобатга олишини билдирган.
Олий мажлис сенъати аъзоси, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳам маҳаллалардаги ёшлар билан ишлаш бўйича Республика комиссияси талабаларнинг турар жой билан боғлиқ муаммоларини ўрганмоқда.
8 сентябрь куни Олмазор туманининг "Ziyo" ва "Universitet" маҳаллаларида бўлиб, янги тизим — uybor.uz платформаси орқали ижарага уй топган талабалар, ижара берувчилар ва маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан мулоқот ўтказди.
Айнан ушбу тизим орқали шу кунгача Тошкент шаҳри бўйича жами 1000 га яқин талабага ёрдам берилди. Ташаббус ҳали давом этмоқда.