ШҲТ-2022: Самарқанд саммити

Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг асосий тамойиллари ва муваффақият гарови нимада эканини айтди

Ўзбекистон президенти ШҲТ муваффақият гарови – минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суриш деб ҳисоблайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) жозибадорлиги унинг турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмаганида. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ШТҲнинг Самарқанд саммити арафасида чоп қилинган мақоласида ёзган.
“ШҲТнинг халқаро ташкилот сифатидаги жозибадорлиги унинг фаолияти асосини ташкил этадиган қуйидаги тамойилларда намоён бўлмоқда: Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслик”, - дея ёзган Ўзбекистон етакчиси ўз мақоласида.
Мирзиёев ШҲТмуваффақият гарови – минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суришда деб атаган.
Ўзбекистон етакчисининг сўзларига кўра, ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим.
“Шу сабабли ҳам ШҲТ фаолиятига қўшилиш истагидаги давлатлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу тенденция халқаро ва минтақавий муносабатлар тизими трансформация жараёнини бошидан кечираётган бугунги шароитда яққол кўзга ташланмоқда”, - дея қўшимча қилган Мирзиёев.
Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар ялпи ички маҳсулотининг умумий ҳажми жаҳон кўрсаткичининг қарийб чорак қисмини ташкил қилмоқда. Бу эса эндигина 20 ёшга тўлган ушбу минтақавий ташкилот дунёнинг барқарор ривожланишига қўшаётган ҳиссасининг салмоғи юксак эканидан далолат беради.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгаши мажлисига мезбонлик қилади.
Самарқанд шаҳрида ШҲТга аъзо мамлакат раҳбарлари 2019 йилдан буён илк марта юзма-юз кўришади. Шунингдек, саммитда биринчи марта 15 мамлакат раҳбари иштирок этади.
ШҲТ 2001 йилда ташкил этилган халқаро ташкилот. Унга Ҳиндистон, Хитой, Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Покистон аъзо. Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон кузатувчи мамлакат мақомига эга. Самарқанд саммитида Эронни ташкилотга тўлақонли аъзо бўлишига оид ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда.