ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Ҳозирда Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Владимир Зеленский ўртасида музокаралар ўтказиш учун ҳеч қандай шарт-шароит йўқ. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Биз ҳозирда ҳеч қандай музокаралар истиқболини кўрмаяпмиз, бундай мулоқот учун ҳеч қандай шарт-шароит йўқлигини айтишда давом этамиз”, - дея Песков журналистнинг тегишли саволига жавоб берган. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирди.
Россия-Украина музокаралари
Россия-Украина музокаралари 28 февралда, уруш бошлаганидан тўрт кун ўтиб ўтказила бошлади. Беларусда бир нечта учрашувлар бўлиб ўтди, кейин музокарачилар видео алоқа орқали мулоқотни давом эттирди. 10 март куни Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган дипломатик форум доирасида Туркия Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Дмитрий Кулебанинг учрашувини ташкил қилди. 29 март куни эса Истанбулда юзма-юз музокаралар бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича Россия делегацияси Украина томонидан ўрганиб чиқиладиган ва мамлакат раҳбариятига етказиладиган аниқ шаклланган позиция ва таклифларни олди..
Бироқ, кейинроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина музокаралар жараёнини секинлаштириш мақсадида ўз таклифларидан воз кечиб, кўплаб провокациялар яратаётганини айтди.
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Украинада тинчлик Россия шартларида ўрнатилишини таъкидлаган эди.