ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Қироли Чарльз III га унинг тахтга ўтириши муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда унинг матбуот котиби маълум қилди.
Мактубда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги ўзаро ишонч ва юксак ҳурмат руҳидаги кенг қамровли шериклик келгусида ҳам изчил ривожланишига ишонч билдирилган.
“Давлатимиз раҳбари қиролга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, узоқ умр, оилавий бахт-саодат ҳамда ғоятда шарафли фаолиятида улкан ютуқлар, дўст Бирлашган Қироллик халқига эса тинчлик-осойишталик, давомий равнақ тилаган”, - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 8 сентябрь куни Букингем саройи мамлакатни 70 йилдан ортиқ бошқарган Буюк Британия қироличаси Елизавета II Шотландияда 96 ёшида вафот этганини маълум қилди. Шундан сўнг унинг ўғли Ворислик кенгашида расман Буюк Британия қироли Чарльз III деб эълон қилинди.