ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Россия билан мулоқот қилишни истамаслик ҳақидаги сўзларга изоҳ бериб, ҳозирги ультиматумлар келажакдаги талаблар олдидан хамир учидан патир эканини айтди.
“Аллақандай бир Зеленский ультиматум қўйганлар билан мулоқотга киришмаслигини айтибди. Ҳозирги “ультиматумлар” келажакдаги талаблар олдидан хамир учидан патир. Ва у буни билади: Россия шартларига кўра Киев режимининг тўлиқ таслим бўлиши”, - деб ёзган Медведев Telegram-каналида.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский CNN телеканалига берган интервьюсида ҳозир Москва билан музокарага тайёр эмаслигини айтганди.
Россия-Украина музокаралари февраль ойи охирида бошланди: Беларусда иккита юзма-юз учрашув бўлиб ўтди, кейин музокаралар видеоалоқа орқали давом этди. Март ойи охирида Истанбулда икки давлат вакиллари учрашди. Кейинроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина таклифларини рад этиб, музокаралар жараёнига тўсқинлик қилаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, Москва алоқаларни рад этмайди, бироқ Киев жараённи қанча кечиктирса, келишиш шунчалик қийин бўлади.