Кремль БМТ Олий комиссарининг Россия бўйича баёнотларига изоҳ берди

Песков: БМТ Олий комиссари Россияни айблаб, бошқа мамлакатларда инсон ҳуқуқлари бузилишини тан олишдан бош тортмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Москва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ўринбосари Нада Aл-Нашифнинг Россия гўёки Украинадаги махсус операция мухолифларини қўрқитаётгани ва фуқароларнинг маълумот олиш ҳуқуқларини бузаётгани ҳақидаги асоссиз баёнотларини қабул қилишга тайёр эмас. Бу ҳақда Россия Федерацияси президенти матбуот котиби Дмитрий Песков таъкидлади.
“Биз бундай баёнотни, бундай хулосаларни ҳисобга олишга тайёр эмасмиз. Биз уларни асоссиз деб ҳисоблаймиз – бу биринчиси”, деди Песков.
БМТ Олий комиссари Россияни айблаб, бошқа мамлакатларда инсон ҳуқуқлари бузилишини тан олишдан бош тортмоқда, дея қўшимча қилди президент матбуот котиби.
“Ва энг муҳими, биз бу далилларни инобатга олишнинг иложи йўқ деб ҳисоблаймиз, чунки комиссар бошқа мамлакатларда фуқароларимиз, оммавий ахборот воситаларимиз ва бошқалар ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ кўплаб қонунбузарликларни пайқашдан бош тортади. Бундай бир томонлама позицияни ҳисобга олиш мумкин эмас”, деди Песков.
Маълумот ўрнида, кўплаб Ғарб давлатлари ўз ҳудудида Россия телеканалларини кўрсатишни чеклаган ёки тақиқлаган. Россия фуқаролари мол-мулки мусодара қилинмоқда. Ғарб Россия фуқароларини ҳибсга олиш ва ҳеч қандай далилсиз қамоққа ташлашни нормал ҳолат деб билади.