ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Конституциявий комиссияга Россия, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон, Германия ва бошқа давлатлардан ўзбекистонликларнинг юзлаб таклиф ва муносабатлари келиб тушди. Бу ҳақда 10 сентябрь куни бўлиб ўтган Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди, дея хабар берди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси.
Йиғилишда таъкидланишича, Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига қўйилганидан сўнг 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган. Бу умумхалқ муҳокамаси муддатини узайтириш ҳақидаги қарор мақсадга мувофиқ бўлганини исботлаган.
Фуқаролардан келиб тушаётган таклифлар орасида солиққа тортишнинг адолат принципларига мос бўлиши, меҳнат ҳуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилиниши, давлат органлари фаолиятининг очиқ бўлиши ва уларга коррупцияга қарши курашиш мажбуриятини юклаш, ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири бўлиши, оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолиятига аралашмаслик, одил судловнинг факат суд томонидан амалга оширилиши ва бошқа шу каби келиб тушган таклифлар долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, эътирозларга сабаб бўлган айрим нормалар лойиҳадан чиқариб ташланган.
“Эътиборлиси, мазкур жараёнга хориждаги ўзбекистонликлар ҳам бефарқ бўлишмади. Жумладан, Россия, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон, Германия ва бошқа давлатлардан ватандошларимизнинг юзлаб таклиф ва муносабатлари келиб тушди”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, йиғилишда Конституциявий қонун лойиҳаси шу кунга қадар 8 та миллий экспертизадан ўтказилган.
Шунингдек, Конституциявий қонун лойиҳаси давлат тилидаги матни таҳририни тайёрлаш бўйича олиб борилган ишлар тўғрисида маълумот берилган. Лойиҳада адабий тил қоидалари ва нормалари талабларига ҳамда юридик, техник ва бошқа махсус қоидаларга риоя қилинган.
Қонун лойиҳаси матни тайёр бўлиши билан у депутатлар муҳокамасига киритилади. Депутатлар фикрлари эътиборга олинган ҳолда кейинчалик тайёр бўладиган конституциявий қонун лойиҳаси референдумга қўйилади.