Япония мамлакатга келаётганлар учун ковидга қарши чораларни соддалаштирди

Японияга киришда коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлардан ПЗР тест талаб қилинмайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 сен — Sputnik. 7 сентябрдан Японияга келаётганлар учун коронавирусга топширилган полимер занжир реакцияси (ПЗР) тестини тақдим этиш мажбурий бўлмайди. Бу ҳақда "Uzbekistan Airways" хабар қилди.
Коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлардан тест талаб қилинмайди. Йўловчилар эмланганлик тўғрисидаги сертификатни кўрсатишлари кифоя.
Бироқ COVID-19 га қарши тўлиқ эмланганлик сертификатига эга бўлмаган йўловчилар ПЗР тестининг манфий натижасини (амал қилиш муддати 72 соат) тақдим этишлари шарт.
Аввалроқ Жанубий Корея мамлакатга кириш учун мажбурий ПЗР тестини бекор қилгани хабар қилинган эди.