Россияда илк бор ротавирусга қарши вакцина яратилди

Ротавирус – бу ўткир ичак юқумли касаллиги ҳисобланади. Уни ҳар қандай ёшда юқтириб олиш мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 сен — Sputnik. Роспотребнадзорнинг Ростов микробиология ва паразитология илмий-тадқиқот институти олимлари Россияда ротавирусга қарши биринчи вакцинани яратди.
Роспотребнадзор хабарига кўра, 2023 йилда вакцинани ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштириляпти. Ҳозир унинг клиник тадқиқотлари якунланмоқда.
Ротавирус – бу ўткир ичак юқумли касаллиги ҳисобланади. Уни ҳар қандай ёшда юқтириб олиш мумкин, аммо 1,5 ёшдан 2 ёшгача бўлган болаларда мазкур инфекция билан касалланиш ҳолатлари кўпроқ учрайди.
Ротавирус инфекцияси маиший жиҳозлар, ювилмаган қўллар, уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари орқали одамдан одамга юқади. Касаллик вируси асосан ошқозон-ичак йўлида тарқалади, овқат ҳазм қилиш ферментларини ишдан чиқаради. Бунинг оқибатида тана ҳарорати кўтарилиб, кўнгил айнийди, ич кетиши кузатилади. Бу жараён болаларда анча оғир кечиши, организм бир кеча-кундузда бир литрдан кўпроқ суюқлик йўқотиши мумкин. Шунингдек, у аксириш ёки йўталиш орқали ҳам юқиши кузатилган.
Ўлим ҳолатлари оғир сувсизланиш билан кечадиган гастроэнтеритни ривожланиши туфайли 1 ёшгача болалар ўртасида кузатилади.
Ротавирус инфекциясига қарши эмлаш эпидемиологик кўрсаткичларга кўра Россия миллий эмлаш тақвимига киритилган.