ТОШКЕНТ, 11 сен — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Тошкентда Россия Федерация кенгаши қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ильяс Умаханов билан учрашди.
Умаханов Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити ишида қатнашиш учун Россия делегацияси таркибида Тошкентга келган эди.
Россия Федерация кенгаши қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари саммитни юқори баҳолади.
У саммит президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида эришилаётган муваффақиятлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилганининг, шу жумладан, гендер сиёсатни амалга ошириш, парламент ролини ошириш ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришда Ўзбекистоннинг жаҳонда муносиб етакчилигининг ёрқин далили эканини таъкидлади.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон-Россия муносабатларининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, шу жумладан, парламентлараро алоқаларни кенгайтириш ва икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия парламентлари иштирокида бўлиб ўтадиган икки томонлама ва кўп томонлама тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.