Ҳиндистон бош вазири Ўзбекистонга келади

Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Нарендра Моди 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрига ташриф буюради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрига ташриф буюради. Бу ҳақда Ҳиндистон бош вазири расмий идораси хабар берди.
“Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан бош вазир Нарендра Моди Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 22-мажлисида иштирок этиш учун 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлади”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, саммит давомида етакчилар ташкилотнинг ўтган йигирма йиллик фаолиятига тўхталиб ўтишлари ҳамда кўп томонлама ҳамкорлик ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишлари кутилмоқда.
Минтақавий ва глобал аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинади. Нарендра Моди саммит доирасида бир нечта икки томонлама учрашувлар ўтказиши ҳам мумкин.
Маълумот учун, 2001 йилда ташкил этилган ШҲТга Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Хитой, Ҳиндистон ва Покистон киради. Айни дамда Эрон ташкилотга тўлақонли аъзо бўлишга тайёрланмоқда. Афғонистон ва Мўғулистон — кузатувчи давлатлар ҳисобланади.