“Халқ юраги” туркум ҳужжатли фильмлар танлови ғолиби маълум бўлди

Тошкентда “Халқ юраги” туркумидаги ҳужжатли фильмлар танлови якунланди. Танлов ғолибига бош соврин - Chevrolet Cobalt автомобили топширилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 сен - Sputnik. Тошкентдаги Адиблар хиёбонида 9 сентябрь куни “Халқ юраги” номли туркум ҳужжатли фильмлар ижодкорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Кинематография агентлиги ва олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ташкил этилган танловда тақдим этилган 24та картина орасидан ҳакамлар режиссёр Хусан Рашидовнинг “Чўлпон. Қуш эсдалиги” кинолентасини энг муносиб фильм деб топди.
“Чўлпон. Қуш эсдалиги” фильми орқали мен мана шу мукофотга сазовор бўлдим. Албатта, муваффақиятга умид қилган эдик, чунки салкам 300 кишилик жамоа билан фильм устида астойдил иш олиб бордик. Ёш киноижодкорларга, хусусан, ҳужжатли фильм ижодкорларига берилаётган имкониятлар, бундай улкан рағбатлар учун муҳтарам Президентимиздан беҳад миннатдорман. Мен умумий ғалабамизда иштирок этган барчага - жамоамга, ота-онамга, устозларимга раҳмат айтмоқчи эдим. Ўзбек киноси тарихида бундай мотивация ва рағбатлантириш биринчи марта деб ҳисоблайман”, — дейди танлов ғолиби, фильм постановкачи режиссёри Хусан Рашидов.
АКУ наградила победителей конкурса документального кино
Пойтахтдаги олий ўқув юртлари раҳбарларига “Халқ юраги” туркумидаги барча фильмлар акс этган флеш-дисклар ва альбомлар топширилган бўлса, режиссёрлар замонавий планшетлар билан тақдирланди.
Танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ва “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК директори Фурқат Усмоновлар ҳам сўзга чиқишди ва совриндорларга ўзларининг илиқ сўзларини етказишди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 20 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Адиблар хиёбонининг очилиш маросимида Кинематография агентлигига мажмуада ҳайкаллари ўрнатилган атоқли ёзувчи ва шоирлар ҳақида ҳужжатли фильмлар яратиш вазифаси юклатилган эди.