ТОШКЕНТ, 10 сен - Sputnik. Қозоғистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси Дархон Сатибалди Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ташқи ишлар вазири Владимир Норов Дархон Сатибалдини қабул қилган. Учрашувда элчининг Ўзбекистон – Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси эътироф этилган.
Вазир Дархон Сатибалдини Туркистон вилояти аким лавозимига тайинлангани билан табриклаб, унга касбий фаолиятида муваффақият тилаган.
“Томонлар турли соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболини муҳокама қилдилар. Дархон Сатибалди уч йиллик фаолияти давомида мамлакатни тубдан ўзгартириб, халқ фаровонлиги юксалишига хизмат қилган жадал ўзгаришларга гувоҳ бўлганини таъкидлади”, - дейилади хабарда.
Элчи Ўзбекистон томонига дипломатик фаолиятини амалга оширишда қўллаб-қувватлагани ва яратилган шароитлар учун чуқур миннатдорлик билдирган. У, шунингдек, дўст бўлиб қолиш баробарида Ўзбекистон-Қозоғистон алоқасини мустаҳкамлаш учун барча саъй-ҳаракатни амалга оширишга тайёрлигини таъкидлаган.