ТОШКЕНТ, 9 сен — Sputnik. Талабалар учун таълим кредитини онлайн олиш имконияти яратилади. Бу ҳақида АОКАда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
“Мақсад битта. Олий таълим муассасасига ҳужжат топширишдан то диплом огунгача бўлган жараёнларни рақамлаштириш. Биз бунга эришдик. Ҳозирги кунда талабалардан онлайн шартнома олиш бўйича 95 минг ариза қабул қилинди”, дейди вазир.
Тошқуловнинг сўзларига кўра, вазирлик Марказий банк билан биргаликда таълим кредитини онлайн олиш имкониятини берувчи "ta'limkrediti.uz" махсус платформасини ишлаб чиқди. Ушбу платформа 2 кун ичида ишга туширилади.
Шунингдек, эртадан бошлаб, ўқишини хориждан кўчирган талабалар ҳам контракт-шартномасини онлайн олиши мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда таълим соҳасида талабаларга енгиллик яратиш учун кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. булар орасида талабаларга имтиёзли кредитлар бериш, талабаларинг ётоқхона ва ижара уйларга жойлашишига ёрдам бериш, кам таъминланган талаба қизларнинг тўлов-контракт пулларини тўлаб бериш ва бошқа бир қатор имтиёзлар шулар жумласидан.