Сергей Безруков Тошкентда актёрлик маҳорати бўйича дарс ўтказади

Маҳорат дарслари Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкент филиалида бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 сен — Sputnik. Сергей Безруков Тошкентда маҳорат дарси ўтказади. Бу ҳақида Кинематография агентлиги хабар берди.
Айтилишича, 13-18 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Ипак йўли дурдонаси” ХIV Тошкент халқаро кинофестивалига таклиф этилган меҳмонлар орасида таниқли россиялик актёр Сергей Безруков ҳам бор.
У кинофестивалнинг очилиш маросимида ва барча катта тадбирларда иштирок этади.
“У Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкент филиали талабаларига актёрлик сирлари ҳақида гапириб беради. Мастер-класс олийгоҳнинг ёзги майдончасида бўлиб ўтади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, 13 сентябрь куни Артём Михалковнинг “Жаноб Нокаут” фильми намойиш этилади. Фильмда бош роль ижрочилари орасида Сергей Безруков ҳам бор.