Кураш: ўзбекистонлик спортчилар ОЧда умумжамоа ҳисобида биринчи бўлишди

Мусобақада иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларнинг 13 нафари шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишнинг уддасидан чиқди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 сен — Sputnik. Таиландда бўлиб ўтган кураш бўйича ўсмирлар ўртасида VII Осиё чемпионати баҳсларида ўзбекистонлик спортчилар ОЧда умумжамоа ҳисобида биринчи бўлишди. Бу ҳақида Спортни ривожлантириш вазирлиги хабар берди.
Таиланднинг Чонбури шаҳрида 4-8 сентябрь кунлари VII Осиё чемпионати бўлиб ўтди.
Унда 12 давлатидан 100 нафардан зиёд иқтидорли полвонлар ғолиблик учун беллашишди.
VII Осиё чемпионати
“Мусобақада иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларнинг 13 нафари шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишнинг уддасидан чиқди. Осиё чемпионатида яна битта кумуш ҳамда 4 та бронза медалини қўлга киритган ёш курашчиларимиз умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллашди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Осиё чемпионати ғолиблари бугун соат 13:20да Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинади.