ТОШКЕНТ, 9 сен — Sputnik. Иқлим ўзгаришлари кўрсаткичларини ўлчаб бориш метеостанцияси яратилди. Бу ҳақида Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Эльмира Бекмуродова маълум қилди.
Айтилишича, метеостанциянинг саноат намунаси қуёш радиацияси, шамол тезлиги ва йўналиши, ҳаво ҳарорати ва намлиги ҳамда ёғингарчилик миқдорини ўлчаб боради.
“Метеостанция бошқарув дастури ишлаб чиқилди ва Интелектуал мулк агентлигидан электрон ҳисоблаш машиналари (ЭҲМ) дастури учун патент гувоҳномаси олинди”, дейилади хабарда.
Метеостанция датчикларидан олинган маълумотлар дистанцион тарзда асосий компьютерга узатилади ва таҳлил қилиб борилади.
Метеостанция энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтида яратилди.