ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Парламентлараро иттифоқ делегацияси - ушбу нуфузли тузилма раиси Дуарте Пачеко ва бош котиби Мартин Чунгонгни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Мирзиёев Ўзбекистоннинг Парламентлараро иттифоқ билан сермаҳсул ҳамкорлиги жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
“Парламентлараро иттифоқнинг юқори даражали вакиллари Ўзбекистон етакчисига қўшма ташаббусларни илгари сўришда кўрсатаётган ҳар томонлама кўмак учун миннатдорлик билдириб, Янги Ўзбекистондаги янгиланишлар ва ислоҳотлар дастурини тўлиқ қўллаб-қувватладилар”, - дейилган хабарда.
Учрашувда барқарор ривожланиш, демократик қадриятларни илгари суриш, ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларидаги мақсад ва вазифаларга эришиш, иттифоқнинг Инновациялар маркази билан ҳамкорлик қилиш каби йўналишларда ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу кунларда Тошкент шаҳрида жаҳон мамлакатлари парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити ўтмоқда. Унинг кун тартибидан демократик ва ижтимоий иқтисодий янгиланишларни қўллаб-қувватлашнинг самарали институтларини ривожлантириш, гендер сиёсатни амалга оширишга доир глобал ва минтақавий аҳамиятга эга муҳим масалалар ўрин олган.
Парламентлараро иттифоқ 1889 йилда таъсис этилган халқаро ташкилотдир. Дунё парламентларининг етакчи халқаро органи сифатида 179 мамлакатни ўзида бирлаштирган. 1971 йилдан буён бош қароргоҳи Женевада жойлашган.
Ўзбекистон бу Иттифоққа 1992 йилда аъзо бўлган. 2017 йил 13 октябрдан мазкур ташкилотдаги аъзолигини қайта тиклаган.
Парламентлараро Иттифоқ дунё мамлакатларининг қонун чиқарувчи органлари учун глобал мулоқот майдони ҳисобланиб, унинг доирасида муҳокама қилинган масалалар жаҳон ҳамжамияти эътиборига етказилади. Парламентлар ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш ва халқаро тинчлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашда биргаликда фаолият кўрсатиш учун уларни бирлаштириш мазкур ташкилотнинг асосий вазифаларидан биридир.