ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik. Тошкентда бўлиб ўтаётган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарлари 14- саммитида Россия Федерация Кенгаши раиси ўринбосари Галина Карелова парламент аъзоларини 2024 йилда бўлиб ўтадиган Евроосиё аёллар форумига таклиф этди.
Федерация Кенгаши раиси ўринбосари Галина Карелова тадбир давомида “Пандемиядан кейин глобал тикланишга тўсқинлик қиладиган хавфларни бартараф этиш” сессиясида сўзга чиқди.
Галина Карелова ўз сўзида Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг саммит ишига муваффақият тилаганини қайд этиб ўтди. Сенатор ушбу мавзуни Саммит муҳокамасига олиб чиққани учун Ўзбекистон парламенти ва Парламентлараро иттифоққа миннатдорлик билдирди.
“Унинг аҳамияти глобал пандемия ҳали тўхтамаганлиги билан ҳам боғлиқ. Биз эътиборга олишимиз керак бўлган асосий хулоса шундан иборатки, глобал миқёсга эга бўлган муаммоларга фақат бутун жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатлари билан қарши туриш мумкин”, дейди Федерация Кенгаши вице-спикери.
Галина Карелованинг сўзларига кўра, коронавирус тарқалиши дунёнинг барча мамлакатлари учун мустаҳкамлик синовига айланди.
“Россия, бошқа давлатлар сингари, бундан муҳим сабоқ олди. Дарҳақиқат, пандемия одамларнинг ижтимоий тузилиши ва тафаккурида туб ўзгаришларга олиб келди. Бундай шароитда оилалар ва бутун иқтисодиётнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш учун тезкор ва тизимли ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш зарур эди”, дея қўшимча қилди у.
Сенаторнинг сўзларига кўра, янги ковид шароитлари бутун ижтимоий соҳани кенг кўламли қайта қуришга, янги, шу жумладан масофавий форматлар ва технологияларни жорий этишга ундади. Айниқса, бандлик ва таълим соҳасида.
Федерация Кенгаши вице-спикерининг қайд этишича, ўрганиш керак бўлган энг муҳим сабоқлар одамлар саломатлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ.
Айтилишича, амалда соғлиқни сақлаш соҳасида парадигма ўзгариши юз берди. Касалликларнинг олдини олиш ва беморларни реабилитация қилиш алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Фуқаролик жамияти, жумладан, хотин-қизлар ташкилотлари ва уюшмалари соғлиқни сақлашга ёндашувларни ўзгартиришда ўз ролини ўйнади.
“Саммит мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бир-бирини қўллаб-қувватлашга катта ҳисса қўшди. Жумладан, Федерация Кенгаши шафелигида ўтказилган Евроосиё аёллар форумида аёл парламентарийлар барқарор ривожланиш бўйича янги ташаббусларни ҳам таклиф қилишди”, дейди Галина Карелова.
Сенатор ўз сўзида тадбиркорлик субъектларини, айниқса, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш борасидаги янгича ёндашувларга ҳам тўхталиб ўтди.
“Айни пайтда тадбиркор аёллар лойиҳалари экспорт салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш вазифаси турибди, – деди Галина Карелова. Федерация Кенгаши кўмагида “Етакчиларни қўллаб-қувватлаш. Экспортдаги аёллар” танлови ўтказилмоқда. Бу борадаги мавжуд тажрибани кенг кўламда қўллаш имконини беради”, дейди Галина Карелова.
Таъкидланишича, тажриба алмашиш учун Евроосиё аёллар форумининг платформаси ва электрон ресурсларидан фаолроқ фойдаланишимиз керак. Бу ижтимоий ташаббуслар ва ижтимоий соҳадаги халқаро ҳамкорликни кенг ривожлантиришга хизмат қилади.
Галина Карелова маълум қилишича, Россияда бизнес, айниқса, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашнинг янги ёндашувларини таъкидлаш муҳимдир. Ўтган йили аёлларнинг тадбиркорлик фаоллиги индекси 10 фоизга ошган.