ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Самарқанда 15-16 сентябрь куни Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити ўтказилиши муносабати билан автобус ва трамвайлар ҳаракати вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақида Самарқанд вилояти ИИБда фаолияти йўлга қўйилган тезкор штаб томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Айтилишича, 14-17 сентябрь кунлари шаҳарнинг бир қатор кўчаларида транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланиши муносабати билан жамоат транспорти воситаларининг ҳаракатига чеклов ўрнатилади.
Транспорт вазирининг матбуот котиби Наврўз Ашурматовнинг сўзларига кўра, 4, 7, 15, 24, 37, 74, 93 ва 99 рақамли автобус йўналишлари ҳаракатига айрим ўзгартиришлар киритилмоқда. Қолган 28 та автобус, 2 та трамвай йўналишлари, шунингдек, иккита йўналишда такси хизмати вақтинча тўхтатилади.
Шунингдек, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро вилоят ички йўналишларида ҳаракатланаётган транспорт воситалари шаҳарнинг ташқи ҳалқа йўлида вақтинча ташкил этилган 8 та ЙПХ масканларигача ҳаракатланишлари кўзда тутилган.
Таъкидланишича, Саммит кунлари ҳайдовчилар айланма йўллардан фойдаланишлари учун махсус флайерлар ишлаб чиқилди ва ундаги QR код орқали рухсат этилган айланма йўллардан мобил илова ёрдамида ҳаракатланиш имконияти яратилди.
Айни пайтда Самарқанднинг марказий кўчаларида янги интенсив, нур қайтарувчи йўл белгилари ва 50 дан зиёд замонавий светофор объектлари ўрнатилди.
Кўзи ожиз фуқаролар учун эса овозли пиёдалар светофорлари ўрнатилмоқда.
Янги ўрнатилган светофор объектларида масофадан бошқариш тизими жорий этилмоқда.