ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Ўзбекистонлик енгил атлетикачи Будапешт Гран-присида ғалаба қозонди. Бу ҳақида Спортни ривожлантириш вазирлиги хабар берди.
Айни кунларда Венгриянинг Будапешт шаҳрида енгил атлетика бўйича Гран-при турнири бўлиб ўтмоқда. Унда дунёнинг энг кучли атлетлари медаллар учун баҳсларга киришган.
Енгил атлетиканинг баландликка сакраш секторида аёллар ўртасида ўтган баҳсларда ўзбекистонлик Сафина Садуллаева ғалаба қозонди.
Будапешт Гран-присида Сафина ўз чиқишини 1,90 метр билан бошлади ва иккинчи уринишда ушбу баландликни забт этган ҳолда мусобақа ғолиблигини нақд қилди.
“Сафина Садуллаева ўзининг иккинчи чиқишида 1,98 метр баландликка буюртма берди. Агар ушбу баландлик ҳам забт этилса, Садуллаева Ўзбекистон рекордини янгилашга муваффақ бўларди. Афсуски Сафинага бу сафар бироз омад етишмади”, дейилади хабарда.
Будапешт Гран-присида фахрли 2-ўринни Украина вакиласи Катерина Табачник эгаллади. У 1,86 метр натижа қайд этди. 3-ўринга эса мусобақа мезбони Барбара Сабо сазовор бўлди, унинг натижаси 1,83 метрни ташкил қилди.