Президент Администрацияси ҳузуридаги ишчи гуруҳ мактаб дарсликларини ўрганишга киришди

Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов қайд этишича, мамлакат аҳолиси дарсликлар юзасидан мавжуд муаммолар, уларнинг ечими ҳақида таклифларни онлайн юборишлари мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Президент Администрацияси ҳузурида тузилган ишчи гуруҳ мактаб дарсликлари, ўқув режалари ва китобларнинг унга мослиги, бу соҳадаги муаммолар ва унинг ечими юзасидан ўрганиш ишларини бошлади.
Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов қайд этишича, ота-оналар, мактаб таълими сифатига бефарқ бўлмаган мамлакат аҳолиси шу йўналишдаги муаммолар, уларнинг ечими ҳақида таклифларни онлайн юборишлари мумкин.

“Агарда сизда шу йўналишдаги муаммолар, уларнинг ечими ҳақида таклифлар бўлса, илтимос, менинг k.allamjonov@adm.gov.uz электрон манзилимга юборишингизни сўраймиз”, деб ёзади Комил Алламжонов.

Айтилишича, юборилган маълумотлар ва таклифлар ҳолатга аниқ диагноз қўйиш ва унинг давосини белгилашда катта ёрдам бўлади.