Ўтган йили кибержиноятлардан кўрилган зарар 6 трлн доллардан ошди – Арипов

Арипов ахборот технологияларининг тез тарқалиши бир қатор объектив муаммоларни келтириб чиқаришини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, ШҲТга аъзо давлатлардан ахборот соҳасидаги замонавий чақириқ ва таҳдидларга қарши курашишнинг мувофиқлаштирилган механизмларини ишлаб чиқишни талаб қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов ШҲТнинг ахборот хавфсизлиги бўйича илмий-эксперт форуми давомида маълум қилди.
Шунингдек, у ахборот технологияларининг тез тарқалиши бир қатор объектив муаммоларни келтириб чиқаришини таъкидлади. Қайд этилишича, улар хавфсизлик тизимида янги заифликларнинг пайдо бўлишига олиб келади.
Ариповнинг қайд этишича, жаҳон экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилда кибержиноятлардан кўрилган зарар дунё бўйлаб 6 триллион доллардан ошган.
“Бугунги кунда энг кўп ҳужумга учраган тармоқлар энергетика, саноат, мудофаа, давлат бошқаруви соҳаларидир”, деди у.
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг сўзларига кўра, террорчилар ҳам кенг кўламли тарғибот ва мувофиқлаштириш фаолиятининг янги босқичига кўтарилган.

“Уларнинг назарида, биринчи навбатда, ёшларимизнинг онги заиф. Бу салбий тенденциялар ШҲТга аъзо давлатлардан кибермаконни ҳимоя қилиш, ахборот хавфсизлигини миллий ва минтақавий даражада таъминлаш бўйича комплекс ёндашувларни ишлаб чиқишни тақозо этади”, - дея хулоса қилди Арипов.