Жонни Депп Тошкент кинофестивалида иштирок этади

Жонни Депп ва Эндрю Левитас кинофестиваль меҳмонлари ва иштирокчиларига “Минамата” номли қўшма лойиҳасини тақдим этади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Машҳур америкалик актёр Жонни Депп XIV Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этади. Бу ҳақда тадбир матбуот хизмати хабар берди.
Бундан ташқари, фестивалда машҳур америкалик режиссёр Эндрю Левитас ҳам иштирок этади. Матбуот хизмати хабарига кўра, юлдузли тандем бўлажак кинофестиваль меҳмонлари ва иштирокчиларига “Минамата” номли қўшма лойиҳасини тақдим этади. Фильмда Жонни Депп америкалик фотограф Смит ролини ўйнайди.
Фильм томоша қилингандан сўнг, юлдуз билан биргаликда фильмнинг онлайн муҳокамаси бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Жонни Депп “Олтин глобус” мукофоти совриндори. Деппга машҳурлик олиб келган фильмлар: “Эдуард. Қўл-қайчи”, “Чарли ва шоколад фабрикаси”, “Эд Вуд”, “Суини Тодд” ва “Алиса мўъжизалар мамлакатида”, “Келин жасади” мултфильми, шунингдек “Кариб денгизи қароқчилари” фильмидаги капитан Жек Читтак образи.