ТОШКЕНТ, 6 сен - Sputnik. Ҳиндистон G7 давлатларининг Россия нефти нархини чеклаш бўйича таклифини қўллаб-қувватлаш ёки рад этишини диққат билан щрганиб чиқади, деди Ҳиндистон нефть ва газ вазири Ҳардип Сингх Пури Миланда бўлиб ўтган Gastech 2022 кўргазмасида.
"Бу масалада жуда кўп омиллар бор ва у қизғин муҳокама бўлмоқда... Бу таклиф нимани англатади? Биз буни жуда диққат билан ўрганиб чиқамиз ", - деди Пури CNBC телеканалининг Ҳиндистон Россия нефть нархини чеклаш таклифига қўшиладими, деган саволига жавобан.
Вазирнинг қўшимча қилишича, таклиф қилинган нархлар чегарасида қайси давлатлар иштирок этиши ва бу бозорларга қандай таъсир кўрсатиши ҳали ҳам номаълум.
Ҳиндистон Россия нефти импортини камайтирмоқда
Аввалроқ Vortexa компанияси таҳлилчилари Ҳиндистон сўнгги икки ой ичида Россиядан нефть импортини камайтиргани, бироқ Европа Иттифоқининг Россия нефтига нисбатан қўйган чекловлари фонида уни ошириши мумкинлигини башорат қилган эди.
Компания маълумотларига кўра, Ҳиндистон август ойида кунига 738 024 баррель Россия хом нефтини сотиб олди, бу июлдан 18 фоизга ва июндан 24,5 фоизга кам. Қайд этилишича, бу Ҳиндистонга нефть импортининг умумий қисқариши фонида содир бўлган – август ойида у кунига 4 049 167 баррелгача пасайган, бу июль ойига нисбатан 13 фоизга ва июнь ойига нисбатан 15 фоизга камдир.
“Европа Иттифоқи томонидан Россия нефтини импорт қилиш тақиқи яқинлашар экан, яқин ойларда Ҳиндистонга кўпроқ рус нефти импорт қилиниши муқаррар деб биламан ”, - деди Вортеха таҳлилчиси Серена Хуанг Economic Times нашрига.
Россия нефти нархи чегараси
Эслатиб ўтамиз, ўтган жума куни Катта еттилик мамлакатлари (Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония) молия вазирлари Россия нефтига нисбатан “нарх чегараси” жорий этишга келишиб олдилар.
Бош вазир ўринбосари Александр Новакнинг сўзларига кўра, Москва, шунчаки ушбу чорани қўллаб-қувватлаган давлатларга хом ашё етказиб бермайди. Президент матбуот котиби Дмитрий Песковнинг аниқлик киритишича, агар нарх чекловлари жорий этилса, ёқилғи фақат бозор шароитида ишлайдиган мамлакатларга йўналтирилади.