ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Бугун Ўзбекистонда туш пайти 5 баллик магнит бўронлари кузатилиши прогноз қилинмоқда.
Ўзгидрометнинг Метеоинфоком тузилмаси магнит бўронининг G3 даражага эга 5 баллик хавфини эълон қилмоқда.
Қайд этилишича, ўтган ҳафта қуёшда 24 та кучли қуёш чақнаши кузатилди. 2 та ўта актив зона ривожланди.
Қуёш сиртидаги мазкур чақнашлар Ерда магнит бўрони хавфлилик даражасини ошириши табиий.
Маълумот учун, бу табиат ҳодисаси алоқа, электр тармоқлари, навигация тизими билан бирга, инсон саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бундан сурункали хасталикларга чалинган, ўрта ва катта ёшли инсонлар, айниқса, юрак ишемик касаллиги билан оғриган ёки миокард инфаркт, инсультни бошдан ўтказган беморлар кўпроқ азият чекади.
Чунки қуёш чақнашлари туфайли ҳосил бўлган магнит майдони гипертоникларда қон босими ошиши, гипотоникларда эса аксинча, қон босими пасайишига сабаб бўлади.