ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Афғонистон пойтахти Кобулдаги элчихонаси яқинида содир этилган терактни қоралади.
“Кобулдаги Россия Федерациясининг консуллик бўлими яқинида 2022 йил 5 сентябрь куни содир этилган ҳамда дипломатик ваколатхона ходимлари ва Афғонистон фуқароларининг қурбон бўлишига олиб келган террорчилик ҳаракатини қатъий қоралаймиз”, - дейилган расмий баёнотда.
Ўзбекистон ғайриинсоний ҳаракатнинг ташкилотчилари ва ижрочиларини аниқлаш учун барча зарур чораларни кўришга чақирган.
“Ҳалок бўлганларининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларнинг соғайиб кетишини тилаймиз”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Кобулдаги элчихонаси олдида рўй берган теракт оқибатида Россия дипломатик миссиясининг икки нафар ходими ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.