Туркияда олти қаватли ноодатий масжид очилади

Янги масжид 6 қаватдан иборат бўлиб, турар-жой биносига бириктирилгандек бунёд этилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. Туркия пойтахти Aнқара шаҳридаги Эсертепе масжиди қурилиш бошланганидан 11 йил ўтиб ниҳоят очилиш арафасида. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.
Масжиднинг архитектураси ўзига хос бўлиб, 6 қаватдан иборат ва турар-жой биносига бириктирилгандек бунёд этилган.
Қайд этилишича, Усмонлилар даври масжидларининг энг яхши намуналари жойлашган бир мамлакатда, олти қаватли масжид ўзининг ғалати архитектураси билан танқидга учраган, дизайнерлар эса қурилган ландшафтнинг табиати туфайли уни зарурат сифатида ҳимоя қилган.
“Ташқи кўринишига кўра масжидга ўхшамаса-да, аммо ҳозир масжидимиз ҳудудимиз учун энг яхши диққатга сазовор масканга айланди”, - деган маҳаллий аҳоли вакили Aднан Aрдич.
Аввалроқ, Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилгани ҳақида хабар берган эдик.