ТОШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати мактаб ошхонаси ходимлари амал қилиши керак бўлган тиббий-гигиеник талаблар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, таълим муассасалари овқатланиш ошхоналари ходимлари томонидан шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, профилактик тиббий кўрикдан ўтиш ва касбий гигиеник тайёргарликка турли хил талаблар қўйилган.
Хусусан, таълим муассасаларида ўқувчилар ўртасида юқумли касалликларнинг келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида ходимлар томонидан шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиниши учун ошхонада шароитлар яратилиши керак.
Қўл ювиш учун барча ишлаб чиқариш цехларида иссиқ ва совуқ сувлар ўтказилиши, уларни аралаштириш мосламаси бўлган чаноқлари ўрнатилиши зарур. Алоҳида совун ва шахсий ёки бир марталик сочиқларни қўядиган жой бўлиши лозим. Ишлаб чиқариш ванналарида қўлларни ювиш мумкин эмас.
Шунингдек, овқатланиш ошхоналарида ходимлар учун мўлжалланган махсус иш кийимларини марказлашган ҳолда ювишни ташкил қилиш керак.
Шамоллаш ёки ошқозон-ичак касалликлари безовта қилганда, ўз оиласида ичак инфекциялари билан хасталаниш қайд этилган барча ҳолатларда, шунингдек, йирингли яралар, кесилишлар, куйишлар ҳақида ишчи маъмуриятни огоҳлантириши керак ва тиббий ёрдам учун мурожат қилиши лозим.
Ичак инфекциялари, терининг йиринглаши, юқори нафас йўлларининг яллиғланиш касалликлари бўлса, бирор жойи куйган ёки кесилган бўлса, вақтинча ишга қўйилмайди. Фақат тузалганидан сўнг, тиббий кўрик ва шифокор хулосасига қараб ишлашига рухсат берилади. Ошхона биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун аптечка билан таъминланиши зарур.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентнинг қарорига мувофиқ айрим вилоятлар таълим муассасалари бошланғич синф ўқувчилари учун икки маҳал (нонушта ва тушлик) иссиқ овқат ташкил этиш белгиланган. Куни узайтирилган гуруҳларда таҳсил олувчи болаларга қўшимча иккинчи тушлик уюштирилади.
Маълумот учун, Ўзбекистондаги барча таълим муассасалари учун 2022/2023 ўқув йилининг илк ўқиш куни 5 сентябрдан бошланади.